Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида «Тошработ» қишлоқ врачлик пунктининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президент раҳнамолигида аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, шифо масканларининг моддий-техник базасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Навоий вилоятидаги 14 та қишлоқ врачлик пунктида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. «Тошработ» қишлоқ врачлик пункти янги биносини барпо этиш учун 930 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
«Саломатлик масканида тўрт шифокор, 30 нафар ҳамшира 7800 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, — деди муассаса мудири Эркин Эгамов. — Янги бинода яратилган замонавий шароит нафақат аҳоли, балки биз, тиббиёт ходимларига ҳам катта қулайлик яратади. Ишимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади».
Тадбирда вилоят ҳокими Э. Турдимов сўзга чиқди.