Қорақалпоғистон Республикасида ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланган 506 нафар жисмоний шахсдан 69,2 миллион сўм миқдорида жарима ундирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти ахборот хизматига асосланиб «Uz24.uz» хабар бермоқда.
2014 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан, Республика ЙҲХББ ҳамда маҳаллий солиқ идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган 121 та қўшма рейд тадбирларида лицензия талаб ва шартлари бузилиши билан боғлиқ 703 ҳолат аниқланди, 876 ҳолатда эса тегишли лицензия бўлмагани ҳолда йўловчи ва юк ташиш фактлари қайд қилинди.
Мазкур фактлар юзасидан 506 нафар жисмоний шахснинг ноқонуний фаолиятига доир маълумотлар солиқ органларига юборилиб, пировардида суд орқали уларга жами 69,2 миллион сўм миқдорида жарима солинди.
Агентлик томонидан Жиззах вилоятида ўтказилган 19 та қўшма рейд давомида ҳам бу фаолият билан ноқонуний шуғулланган 36 нафар жисмоний шахс аниқланди. Улар тегишли лицензия варақаларисиз, яъни ғайриқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётганлиги қайд этилди. Ҳуқуқбузарлик фактлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, чора кўриш учун солиқ идораларига ҳавола қилинди.
Изоҳ (0)