Ўзбекистонда писта дарахти ҳақида батафсил маълумот берувчи, шунингдек писта етиштириш билан шуғулланувчи фермерларнинг фикр алмашинувига мўлжалланган «Pistachio.uz − Писта ҳақидаги портал» ишга тушди.
«Ушбу сайт ҳудудимиздаги ноёб дарахт – писта дарахти ҳақида барчага, бизнинг нуқтаи назаримиздан, тўлиқ бўлган ахборотни олишга ёрдам беради. Ушбу дарахт бўм-бўш, қаровсиз ва кам ҳосилдор тоғ ён бағирларини – ўрмонзорларга айлантириш, аҳолисини эса бадавлат қилиш имконини беради.
Сайтимиздан сиз писта дарахтини қаерда, нима учун ва қандай қилиб экиш кераклигини билиб оласиз. Бу ерда эътиборингизга пистазорларга тўғри келадиган табиий шарт-шароитлар ва сувсиз жойлар; писта дарахтини ўстириш технологияси ҳақидаги маълумотлар; уни ўстиришдан олинадиган даромаддан далолат берувчи ҳисоб-китоблар ҳамда бойлигингиз кўпайиб бориши жараёни билан танишасиз. Ушбу сайт орқали ҳар бир фермер тажриба алмашиши, маслаҳат олиши ҳамда Бизнес-таклиф бўлими орқали ўз маҳсулотини сотиш учун тақдим этиши мумкин. Ёдингизда бўлсин, пистачиликдан нафақат маҳсулотини ўстириш, балки уни қайта ишлаш ва у билан савдо қилиш орқали ҳам бойлик орттириш мумкин», − дейилади сайтнинг лойиҳа ҳақидаги саҳифасида.
Сайт Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш марказининг жамоаси томонидан қўллаб-қувватланади.
Сайт Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GiZ) орқали Германия Федератив Республикаси Атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядровий реакторлар ва бинолар хавфсизлиги федерал вазирлигининг Халқаро ташаббусини амалга ошириш доирасида молиялаштирилаётган ҳамда ГЕФнинг Ўзбекистондаги Кичик Грантлар Дастури ва Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Михаэль Зукков Фонди лойиҳаси кўмагида яратилган.
Изоҳ (0)