Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида бошланган футзал бўйича Tashkent Cup−2014 халқаро мусобақасининг дастлабки баҳсида Ўзбекистон футзал терма жамоаси Беларусь билан дуранг ўйнади, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
Биринчи бўлимда ҳар иккала жамоа ҳимояда яхши ўйнади ва дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Иккинчи бўлим бошида Беларусь дарвозасига пенальти белгиланди. Дилшод Раҳматов 6 метрли жарима зарбасини голга айлантира олмади — зарбани дарвозабон қайтарди.
Орадан кўп ўтмасдан Раҳматовнинг ўзи хатосини тўғирлади: у ўзи бошлаган ҳужумни якунига етказиб, ҳисобни очди. Шундан сўнг беларуслар ҳужумкорликни ошириши натижасида вакилларимиз ҳимояда ўйнашга мажбур бўлдилар. Орқа чизиқда йўл қўйилган кўплаб хатолар натижасида ҳисоб тенглашди. Фарҳод Абдумавлонов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади.
Бундан аввал бўлиб ўтган ўйинда Қозоғистон Озарбайжон устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
2 декабрь куни Озарбайжон−Беларусь, Ўзбекистон−Қозоғистон ўйинлари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)