Сингапурдаги ресторан раҳбарияти 2015 йил якунига қадар учувчи робот-официантларни «ишга олиш»ни мўлжалламоқда. Бу ҳақда «Синьхуа» ахборотига таяниб, «Российская газета» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Сингапур Бош вазири Ли Сян Лунга кўрсатилган робот-официантлар вазир томонидан маъқулланган.
Timbre Group тармоғига кирувчи учувчисиз қурилмаларни Сингапурнинг Infinium Robotics компанияси етказиб беради. Мазкур фирмалар жорий йилнинг октябрь ойида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолади.
Ресторан бизнесида роботлардан фойдаланиш фақатгина одамлар учун иш топишнинг қийинлашиб кетишидек салбий ҳолатга эмас, балки ижобий натижага ҳам олиб келиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, роботлар официантлик қилаётганида, ресторан ходимлари ўзларининг бутун эътиборини янада мураккаброқ вазифаларга қаратиш имкониятига эга бўлади.
«Бу иш самарадорлигини ошириб, ресторан савдоси ва даромадларини кўпайтиради», — деди Infinium Robotics компаниясининг ижроия директори Вон Юнян.
Маълумот учун, Хитой Халқ Республикасида бундан уч йил аввал очилган Dalu Robot ресторанида мижозларга андроидлар хизмат қилиб келмоқда.
Изоҳ (0)