Россия авиакомпанияларига Ўзбекистондаги аэропорт хизматлари учун олдиндан рублда тўлашлари учун рухсат берилди. Бу ҳақда, Россия транспорт вазири ўринбосари Валерий Окуловга асосланиб, «РИА Новости» маълум қилди, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Окуловнинг сўзларига кўра, томонлар 26 ноябрь, чоршанба куни Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида ушбу масала бўйича тегишли келишувга эришган.
Вазир ўринбосарининг аниқлик киритишича, Россия авиакомпаниялари Ўзбекистон аэропортларидаги, авиаёнилғи ҳақидан бошқа – техник, тижорий ва аэронавигация хизматлари учун рублда олдиндан тўловларни амалга оширишлари мумкин.
«Авиакомпаниялар сўм инфляцияси натижасида сезиларли даражада даромадларни йўқотганликлари сабаб, биз фойдани имкон қадар тезроқ конвертация қилинишидан манфаатдор эдик», – деди Окулов.
Хабар беришларича, Ўзбекистон томони, шунингдек, «Аэрофлот»га мавсумий жадвал асосида «Москва – Самарқанд – Москва» йўналиши бўйлаб парвозларни амалга оширишга рухсат берган.
Ўз навбатида, ҳукуматлараро комиссия мажлиси материалларида қайд этилишича, Россия томони «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га «Тошкент – Владивосток – Тошкент» рейсларини амалга ошириш учун рухсат берган.
Изоҳ (0)