Таниқли америкалик сармоядор Жорж Сороснинг Қирғизистонга ташрифи муносабати билан 17 октябрь куни Бишкекдаги АҚШ элчихонаси олдида 50дан ортиқ киши норозилик намойиши ўтказди, деб хабар бермоқда «Вечерний Бишкек».
Жорж Соросдан тезда Қирғизистонни тарк этиш ва мамлакат ички ишларига аралашмасликни талаб қилган намойишчилар орасида «Русский мир» россиялик ватандошлар иттифоқи, «Кучли Қирғизистон» жамоатчилик бирлашмаси каби ташкилотлар вакиллари ҳам борлиги айтилган.
Намойишчилар Сороснинг 2004 йилдаги Қирғизистонга ташрифидан кейин мамлакатда тартибсизликлар бошланганини ҳам эсга олган. Асосий митинг маҳаллий вақт билан соат 13:00 га белгиланганига қарамай, бир соат олдиндан одамлар тарқалишни бошлаган.
Сорос Қирғизистонда ишчи ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф давомида у Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университетига ҳам боради. Сорос университет кампуси қурилишига маблағ киритган бўлиб, ишлар бориш жараёнини кузатишни мақсад қилган.
Изоҳ (0)