12 ноябрь куни Ўзбекистон Респубикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида Дин ишлари бўйича қўмита, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида «Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.
Анжуманда Германия, Буюк Британия, Италия, Чехия, Хитой, Россия, Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон каби давлатлардан экспертлар, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, диний конфессия раҳбарлари, ўзбекистонлик олим ва мутахассислар иштирок этдилар.
Дунёнинг турли минтақаларида диний ақидапарастлик, миллатчилик ва ирқчилик ғоялари билан қуролланган гуруҳлар томонидан низолар авж олиб бораётган бугунги таҳликали замонда кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш, кўпконфессиявийлик асосида демократик ислоҳотларни амалга ошириш, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик долзарб аҳамият касб этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистондек дунёвий демократик ривожланиш йўлини танлаган мамлакатда диннинг давлатдан ажратилгани, шу билан бирга ҳамма учун виждон эркинлигининг тўла кафолатланиши, эътиқод ва диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслик, миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар барча фуқароларнинг қонун олдида тенг эканлиги тамойилларига қатъий риоя қилинаётгани жамият барқарорлигининг асосий омилларидан бўлиб келаётгани таъкидланди.
Мазкур сана муносабати билан ташкил этилган конференция иштирокчилари бугунги глобаллашув жараёнида динлар, конфессиялар, миллат ҳамда элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тўғри тушунишга эришиш нақадар зарурлигини таъкидладилар. Чунки айни бу омиллар жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тинчлик ва барқарорлик эса, тараққиёт ва фаровонликнинг асосий гаровидир.
Анжуман натижалари бўйича илмий мақолалар тўплами чоп этилиб, якуний хулосалар ҳамда амалий аҳамиятга молик таклиф ва тавсиялар берилди.
Изоҳ (0)