2015 йилги Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари жорий йилдагига нисбатан 1,2 баравар кўпаяди. Бу ҳақда 2014 йил 13 ноябрь куни Тошкент шаҳрида очилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида қайд этилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Хусусан, мамлакат олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқув-лаборатория корпусларини, шунингдек, тиббиёт муассасаларини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашни молиялаштиришга катта миқдорда маблағ йўналтирилади.
Давлат бюджетидан 138 та соғлиқни сақлаш объектини қуриш ва батамом замонавий техника билан жиҳозлашга 495 миллиард сўм, 246 та умумтаълим мактабини, 42 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежини реконструкция қилишга, шунингдек, 246 та ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасини мукаммал таъмирлашга 479 миллиард сўм ажратиш назарда тутилган.
72 та туман тиббиёт муассасаси қурилади. Умуман, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини молиялашга қилинадиган давлат харажатларининг ўсиши 2014 йилдагига нисбатан қарийб 22 фоизни ташкил этади.
Изоҳ (0)