Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда нашриёт раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Германиянинг Вислох шаҳрида жойлашган Heidelberg номли полиграфия заводига ташриф буюрди. Бу ҳақда UzReport ахборот агентлиги хабар бермоқда.
155 йиллик тарихга эга мазкур муассаса нафақат Германия, балки бутун дунёдаги энг катта завод ҳисобланади. Унинг ишлаб чиқариш марказлари ўз фаолиятини Германиядан ташқари яна беш давлатда олиб боради. Бундан ташқари, Heidelberg концернининг 250 филиали дунёнинг 170 та мамлакатида фаолият юритмоқда. Завод 5300 дан зиёд патент ва муаллифлик ҳуқуқига ҳам эгадир.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 108 та типография иш олиб бораётган бўлса, уларнинг кўпчилиги Heidelberg заводи билан чамбарчас боғланган.
Германия Ўзбекистондаги нашриётларга типография қурилмаларини етказиб бериш бўйича асосий ҳамкор ҳисобланади. Бугунги кунда камида ҳар икки нашриётдан бирида Германияда ишлаб чиқарилгани ҳақидаги белгига эга полиграфия ускуналарини кўриш мумкин.
Ўзбекистон делегациясининг Heidelberg заводига ташрифи мобайнида томонлар қурилмалар харид қилиш бўйича музокаралар олиб борди.
Изоҳ (0)