5 ноябрь куни элчи Жорж Крол ҳамда Давлат археология ва тарих музейи директори Абдурашид Закрилаев «Арк» номли Бухоро давлат археология ва тарих музейида қайта тикланган бадиий буюмлар кўргазмасини тантанали равишда очди. Тадбирда Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги вакиллари, тарихчилар, реставраторлар, АҚШ элчихонаси ходимлари ва журналистлар иштирок этди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
АҚШ элчихонаси бу музей коллекциясидаги бадиий буюмларни сақлаш ва асраб-авайлаш учун Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармасидан 50 600 АҚШ доллари миқдорида грант ажратди. Музей бу маблағни тош асридан то ўрта асрларгача тегишли бўлган археологик бадиий буюмларни қайта таъмирлашга сарфлади. Бадиий буюмлар кўп йиллар илгари археологик қазилма ва тадқиқотлар давомида кашф этилган бўлиб, улар қаторига сопол идишлар, турли хил тангалар, шунингдек, Варахша, Пойкент ва Учкулоҳ масканларидан топилган суратлар ҳамда Шаҳристон қалъасидан топилган кўплаб гил буюмлар киради.
Лойиҳа доирасида 500 та бадиий буюм қайта тикланиши кўзда тутилган эди, лекин элчихона гранти шарофати билан 732 та буюм қайта тикланди. Очилиш маросимида уларнинг бир қисми намойиш этилди. Шу тариқа музейда реставрациясиз ётган мислсиз қадимги бадиий буюмлар ва бошқа археологик материалларга янги ҳаёт бахш этилди ва айни пайтда улар кўргазмага қўйилган.
«Бирмунча ёш давлат бўлишига қарамай, Ўзбекистон тарихи ва маданияти ниҳоятда бой ўлкадир. У чуқур анъаналар ҳамда кўҳна руҳий-маънавий қувватга эга мамлакатдир. Ўтмишни англаш ва шарафлаш чин маънода исталган мамлакатнинг келгуси барқарорлиги йўлида киритилган оқилона сармоя саналади. Буюк тарихий аҳамиятга эга, қадимги Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларнинг маданияти, кундалик турмуши ва анъаналарини ўзида намоён этувчи Бухорода жойлашган ушбу музейдаги бадиий буюмларни қайта тиклашга ёрдам бериш биз учун шарафдир», — деди очилиш маросимида сўзга чиққан элчи Крол жаноблари.
2001 йил ташкил этилиб, АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқариладиган Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси бутун дунёдаги тарихий қадамжолар, маданий объектлар ва коллекциялар ҳамда анъанавий маданий ифода шаклларини асраб-авайлаш учун бевосита грантлар ажратади. Ташкил этилганидан буён ушбу жамғарма 100 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатларда 500 дан зиёд маданий меросга оид лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.
Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси Ўзбекистонда қадимий ва тарихий биноларни қайта тиклаш, ноёб қўлёзма ва музей коллекцияларини баҳолаш ва сақлаб қолиш, муҳим аҳамиятга молик археологик қадамжоларни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлаш, анъанавий ҳунармандчилик усулларини ҳужжатлаштириш каби 11 та лойиҳани маблағ билан таъминлаган.
Изоҳ (0)