Ўзбекистон ҳукумати 2015—2019 йилларда араб молия институтларининг 700 миллион доллар миқдоридаги кредитларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги вакилига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«Ушбу маблағларни ажратиш ҳақидаги келишувлар ўтган ҳафтада Тошкентда Араб мувофиқлаштирувчи гуруҳи аъзолари мажлисида имзоланди», — деди ТИАИСВ вакили.
Унинг аниқлик киритишича, ўзбек томони мажлисда Араб мувофиқлаштирувчи гуруҳи маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган, умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик инвестициявий лойиҳалар рўйхатини тақдим этган.
Хусусан, ушбу маблағ тиббий муассасалар, ОТМларни жиҳозлаш, умумтаълим мактабларида муқобил энергия манбаларини жорий қилиш, канализация тизимини реконструкция қилиш ва сув таъминотини яхшилаш, шунингдек миллий автомагистрал қурилишини тугаллаш ва темир йўлларни электрлаштиришга йўналтирилади.
Изоҳ (0)