Ўзбекистонда Халқаро гимнастика федерациясининг 80-конгресси ўз ишини бошлади. Конгрессда 80 дан ортиқ мамлакатдан келган 240 га яқин делегат қатнашмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти Л. Каримова-Тиллаева, Халқаро гимнастика федерацияси президенти, профессор Б. Гранди ва бошқалар Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор юксак самара бераётганини таъкидлади.
Халқаро гимнастика федерацияси бош котиби Андре Гюйсбюлер Ўзбекистон гимнастика федерацияси гимнастиканинг барча асосий йўналишларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётганини ва анжуман юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади.
Конгрессда Халқаро гимнастика федерациясининг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланади. Дунёда гимнастиканинг барча йўналишларини ривожлантириш, Халқаро гимнастика федерациясига янги аъзоларни қабул қилиш ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинади. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш, спортчиларни тайёрлаш даражасини ошириш ва шу мақсадда энг илғор спорт, илмий ҳамда тиббиёт технологияларидан фойдаланиш учун миллий гимнастика федерацияларининг кенг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)