29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Депутатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этдилар. Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида юздан ортиқ таклиф тушди. Уларнинг кўпчилиги лойиҳани маромига етказишда ҳисобга олинди. Мурожаатлар соҳасидаги чет эл қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди. Жумладан, Европа мамлакатларининг, чунончи Германиянинг ҳамда Осиё мамлакатларининг, масалан Корея Республикасининг қонунчилиги ва амалиётини ўрганишга бағишланган илмий-амалий семинарлар ташкил этилди.
Қонун моддама-модда ва пухта муҳокама этилганидан кейин Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Қонун Олий Мажлис Сенатига юборилади.
Изоҳ (0)