Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тошкентдаги UMS («Uyut Mebel Servis» МЧЖ) мебель фабрикасининг сайти жойлашган Ums.uz домени Ўзбекистонда «МТС» ўрнига очиладиган UMS (Universal Mobile Systems) алоқа оператори тасарруфига ўтди.

Фото: anons.uz

Фото: anons.uz

«UZ» домен зонаси маъмурияти сайтида ушбу домен бўйича қидирув берилганида унинг Universal Mobile Systems МЧЖга тегишли экани ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин.

Бироқ янги алоқа оператори ушбу доменга ўз сайтини жойлаштирганича йўқ: у ерда ҳамон мебель фабрикаси сайти ишламоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ums.uz домени қандай шартлар остида Universal Mobile Systems тасарруфига ўтгани ҳақида маълумот йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистонда янги очиладиган UMS алоқа оператори www.umsuz.uz ва www.myums.uz доменларини рўйхатдан ўтказгани, янги операторнинг сайтлари айнан шу доменларда жойлашиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. www.ums.uz домени эса банд бўлиб, у «Uyut Mebel Servis» МЧЖга тегишли эди. UMS алоқа оператори очилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганидан бери одамлар адашиб шу сайтга кира бошлаган. Натижада сайт кўрсаткичлари деярли тўрт марта ўсиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг «МТС» мобил алоқа оператори Ўзбекистонда мамлакат ҳукумати билан тузилган Universal Mobile Systems қўшма корхонаси доирасида 1 декабрда алоқа тармоғини ишга туширади. Ўтган ҳафта Universal Mobile Systems МЧЖ қўшма корхонаси директори этиб аввал «МТС» компаниясининг Россиянинг Олтой ўлкасидаги филиалига раҳбарлик қилган Дмитрий Нагорний тайинлангани маълум бўлди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар