Қирғизистонлик таниқли тадбиркор, «ЕврАзЕС-Қирғизистон» иш кенгаши раҳбари Райкан Алканов танасининг 15 жойига пичоқ орқали жароҳат етказилган ҳолда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ахборотига таяниб «Новый век» хабар бермоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабарига кўра, тадбиркор шахсий ишлари билан Бишкекдан Таласга борган. Ҳайдовчини уни уйига элтиб қўйиб, ўзи кетиб қолган. Эрталаб эса уни жароҳатланган ҳолда топиб, тез ёрдам чақирган. Алканов Бишкекка олиб келтирилиб, операция қилинган.
Райкан Алканов Бишкекдаги энг катта бозорнинг хўжайини, «Алканов ва К°» компанияси президенти, Қирғизистон уруш, меҳнат, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари ташкилоти раиси ўринбосари, МДҲ давлатлари Фахрийлар кенгаши мувоқлаштириш қўмитаси аъзоси ҳисобланган. Шунингдек, у қирғиз ОАВлари версияси бўйича республиканинг энг йирик 100 тадбиркори рўйхатига кирган.
Изоҳ (0)