Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммити давомида Европа Иттифоқи раиси Херман ван Ромпей ўз твиттерида Евроиттифоқ Эбола эпидемиясига қарши курашиш жамғармаси маблағини 1 миллиард еврогача оширишга қарор қилгани ҳақида хабар берди, деб ёзади «Ведомости».
Шу кунга қадар Европа Иттифоқи ҳамда унга аъзо давлатлар Эбола билан курашиш учун 600 миллион евро ажратишга ваъда берган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғарбий Африкада 10 000 киши Эбола билан касаллангани, деярли 4900 нафари ҳалок бўлганини қайд этган. Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэль Баррозу «Бу рақамлар эпидемияни тарқалиб кетмаслиги учун чора тадбирларни кучайтиришимиз кераклигини англатади », − дея таъкидлади.
Айниқса, Англия бош вазири Дэвид Кэмерон Европа Иттифоқининг Эболага қарши курашувчи фонд маблағини кўпайтиришга кўп ҳаракат қилди. Лондон ўз ҳиссасини 156 миллиондан 256 миллион еврогача оширишини маълум қилди. Германия федерал канцлери Ангела Меркель Эбола инсоният учун даҳшатли синов эканлигини қайд этди.
Изоҳ (0)