21 октябрь куни жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажлисда маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини ошириш, экспортнинг 2014 йилда назарда тутилган прогноз параметрларига эришишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга эътибор қаратилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — экспорт қилувчилар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ташқи бозорларда улар маҳсулотларининг рақобатбардошлилигини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли маҳаллий экспорт маҳсулотларининг асосий турларига нархлар нохуш ўзгариб турганлигига қарамай, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида ташқи савдо айланмасининг салмоқли ижобий салдоси тенденцияларини сақлаб қолиш таъминланди.
Йил бошидан бошлаб экспорт ҳажми 332 миллион долларлик 322 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди. 172,2 миллион долларлик товарларнинг 143 та янги турларини экспорт қилиш ўзлаштирилди. Ушбу даврда ўзбек экспорт қилувчилари ўз маҳсулотларини илк бор 51 та давлатга етказди.
Иқтисодиёт вазирлигига, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига манфаатдор хўжалик бирлашмалари билан биргаликда республикага замонавий бўлмаган, маънавий эскирган ва истиқболсиз асбоб-ускуналар келтирилишига йўл қўймаслик, шунингдек, импорт бўйича олиб келинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини тубдан ошириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш топширилди.
Изоҳ (0)