Москвадаги Внуково аэропортида Falcon самолёти билан тўқнашиб кетган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси Владимир Мартиненко ҳалокатдан олдин шифокор кўригидан ўтгач ишга киришгани маълум бўлди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
«Ҳимоям остидаги шахс ишга киришишидан олдин тиббий кўрикдан ўтгани ва шифокор унга расман рухсат бергани ҳақидаги ҳужжатлар бор. Шундан кейин у автомобилни олиш учун борган», − деди ҳайдовчининг адвокати Александр Карабанов.
Шунингдек, Мартиненконинг ўзи ишга чиқишдан олдин ликёр қўшилган қаҳва ичганини тан олгани ҳам маълум қилинган. Тиббий экспертиза натижасида унинг қонидан оз миқдорда алкоголь топгилган.
Аввалроқ, Total президенти Кристоф де Маржери ва уч экипаж аъзоси ўрин олган енгил двигателли самолёт Внуково аэропортида қор тозаловчи машина билан тўқнашиб кетиши оқибатида самолётдаги барча кишилар ҳалок бўлгани, ҳеч қандай зарар кўрмаган қор тозаловчи машина ҳайдовчиси эса маст ҳолатда бўлгани аниқлангани ҳамда у икки суткага ҳибсга олингани хабар берилган эди. Ҳайдовчининг адвокати эса гумондор сурункали юрак хасталиги билан оғригани туфайли умуман спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)