2014 йил 21 октябрь куни жорий йилнинг тўққиз ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ҳамда 2014 йилнинг 17 январида республика ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишга бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажлисда таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни модернизациялаш, мамлакатни ривожлантиришнинг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларига, шу жумладан, ишлаб чиқариш, инвестициялар, экспорт ҳамда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш дастурларининг прогноз параметрларига эришишни таъминлаш, шунингдек, аҳоли бандлигини, ҳаёти даражаси сифатини узлуксиз ошириш ишларининг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.
Йиғилишда жаҳон иқтисодиёти ривожланишида жиддий таҳдидлар ва сустлашиш мавжуд эканлигига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий мутаносиблик ва иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатлари таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 18,9 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
Саноат тармоқларини жадал ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ва ички талабни мутаносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 11,3 фоизга, чакана товар айланмасининг 14,2 фоизга ва пуллик хизматларнинг 11,1 фоизга ўсишини таъминлади. Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиёт ўсишининг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)