Тошкентда 62-автобус чиптачиси йўловчи аёлни сўкди ва урди. Бошқа йўловчилар эса томошабин бўлиб турди. Бу ҳақда жабрдийда йўловчининг ўзи Facebook’даги Potrebitel.uz гуруҳида хабар қолдирган, деб маълум қилди «Кун».
Аёлнинг сўзларига кўра, у 21 октябрь, сешанба тонгги соат 6:36 дан 7:50 гача ўзига керакли автобусни кутган, автобус келганидан сўнг чиптачига пул бераётиб, автобус қайси жадвал бўйича ҳаракатланаётгани ҳақида савол берган.
Аёлнинг қайд этишича, у саволни хотиржам ва қўполлик қилмасдан берган, бироқ чиптачи асабийлашиб, унга бақириб берган. Аёлнинг, яна хотиржам ҳолатда: «Нега мен билан бундай гаплашяпсиз?», — деган саволидан сўнг, чиптачи аёлга қўл кўтарган.
«Биласизми, ҳаммасидан ҳам бутун автобуснинг жим ўтирганидан хафа бўлдим. Фақат ёнимда ўтирган 8—9-синфларда ўқийдиган қизгина мен чиптачига мулойим ва аниқ гапирганимни тасдиқлаб турди. Жуда ёқимсиз ҳолат», — деб ёзади жабрдийда йўловчи.
Калтак еган аёл чиптачининг ўзини суратга олишга ҳаракат қилганида у энг яқин бекатда тушиб, «қочиб қолган». Шундан сўнг аёл ушбу ҳолат ҳақида «1062» ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, шикоят билдирган.
Изоҳ (0)