Ўзбекистон ОИТСга қарши глобал курашда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 7000 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар беради.
Ушбу иллатнинг тарқалиш йўллари ва унинг олдини олиш ҳақида маълумотлар тақдим этилган турли услубий материаллар, буклетлар, қўлланмалар чоп этилиб, ўқув муассасалари, ташкилотлар ва жамоат жойларида тарқатилди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати лойиҳаларини амалга оширишда фаоллик кўрсатаётганлар орасида ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Пойтахт ёшлари ўртасида ОИВ/ОИТСнинг олдини олишда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси муҳим ўрин тутмоқда. Ўтган ўқув йилида бошқарма ходимлари томонидан ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик ва бошқа зарарли одатларга қарши курашга қаратилган ва пойтахтнинг барча умумтаълим муассасаларида амалга оширилаётган дастурнинг барча бандлари атрофлича ишлаб чиқилди. Ушбу дастурга мувофиқ 7—9-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун «ОИВ инфекцияси ва уни юқтириш йўллари ҳақида нималар биласиз?» мавзусида семинарлар, ўқув машғулотлари, акциялар ва шифокорлар билан учрашувлар ташкил этилди. 4—7-синф ўқувчилари ўртасида «Биз ОИТСга қаршимиз» шиори остида акция ўтказилди.
Мактаб ўқитувчилари учун эса ўқитиш жараёнида соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий этишга бағишланган тренинглар ташкил этилди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан ўтказиб келинаётган бундай комплекс тадбирлар ёш авлодни хавфли инфекцияни юқтиришдан асраш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва порлоқ келажагини таъминлаш имконини беради.
Изоҳ (0)