Жорий йилда мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Маккага ташриф буюрган 16 минг россияликдан беш нафари зиёрат вақтида вафот этди. Бу ҳақда Россиянинг ҳаж миссияси раҳбари ўринбосари Абдулмажид Муҳаммедов маълумотига таяниб, ТАСС хабар бермоқда.
«2014 йилда ҳаж амалларини Россия Федерациясидан 16 381 мусулмон бажарди. Ҳозирга қадар россиялик мусулмонларнинг ярми ватанга қайтди», — деди Муҳаммедов.
«Доғистонда истиқомат қилувчи тўрт нафар ҳамда Татаристонда истиқомат қилувчи бир нафар — жами беш россиялик муқаддас жойларни зиёрат қилиш вақтида вафот этди. Уларнинг барчаси Маккага дафн этилди», — деб қўшимча қилди Россиянинг ҳаж миссияси раҳбари ўринбосари. Унинг сўзларига кўра, «улар (вафот этган зиёратчилар) кекса ёшда бўлган ва табиий равишда, яъни ҳеч қандай авария ёки ҳалокат натижасида эмас, меҳмонхонада вафот этган».
Бу йил Саудия Арабистони россияликларга ҳаж амалини бажариш учун асосий квотани 20 фоизга камайтирган. Бундай чеклов Маккадаги Ал-Ҳарам масжидида олиб борилаётган кенг кўламли қайта таъмирлаш ишлари билан боғлиқ бўлиб, мазкур реконструкция ишлари 2015 йилда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Ҳаж амалларини бажариш учун россиялик зиёратчиларнинг энг кўпи — олти минг киши Доғистондан, 2,6 минг киши Чеченистондан, 1,5 минг нафари Татаристондан ҳамда 700 га яқини Москва ҳудудидан ташриф буюрган.
Изоҳ (0)