Samsung компанияси InterBattery 2014 кўргазмасида ўзининг илк букланувчан батареясини намойиш қилди. Бу ҳақда Phonearena.com маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Ушбу батарея худди оддий резинага ўхшайди, уни исталган йўналишда бураш, қайириш, буклаш мумкин. Бундай турдаги батареялар айнан нима учун ишлаб чиқарилиши ҳақида маълумот берилмаган. Балки, у тақиб юриладиган гаджетлар — масалан, ақлли соат боғичида фойдаланилиши мумкин.
Букланувчан батареялар ҳали тўлиқ ҳолатда эмас. Буклайвериш натижасида уларга зарар етказиб қўйиш мумкин. Ҳозирда уларни яхшироқ ҳолатда тақдим этиш учун ишлар олиб борилмоқда. Samsung SDI — компаниянинг энергия билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи бўлимининг таъкидлашича, бу каби батареялар уч йил ичида катта ҳажмда сотила бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Samsung компанияси яқиндагина сўнгги версиясидан 1,5 баробар яхшироқ ишлайдиган саккиз ядроли процессорини ҳамда ҳозиргидан беш баробар тез бўлган Wi-Fi технологиясини тақдим этган эди.
Шунингдек, компания Facebook учун виртуал реалликни кўрсатувчи кўзойнакларни ҳам ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Изоҳ (0)