Evening Standard Лондон газетаси Британия пойтахтидаги машҳур сиёсат арбоби, бизнесмен, жамоат арбоби ва шоу-бизнес олами юлдузлари орасидан энг обрўли 1000 кишини аниқлаш учун ўтказилган ҳар йилги ижтимоий сўровнома натижасини нашр қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Сўровнома натижаларига кўра, Лондондаги энг обрўли шахс деб ғазначилик канцлери Жорж Осборн топилди. Иккинчи поғонани эса шаҳар мери Борис Жонсон эгаллади. Шунингдек, Evening Standard рўйхатидан Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ҳам жой олди, аммо у фақатгина 10-ўринга лойиқ деб топилди, холос. Лондонликларнинг фикрича, Кэмерон ўз нуфузи бўйича дизайнер, БМТнинг яхши ният элчиси ва Spice Girls гуруҳининг собиқ иштирокчиси Виктория Бекхэмдан паст келди. Виктория Бекхам рўйхатнинг тўққизинчи поғонасидан жой олди.
Рўйхатнинг учинчи поғонасини сунъий интеллект соҳасидаги таниқли тадқиқотчи, Deep Mind Technologies компаниясининг асосчиси — Демис Хассабис эгаллади. Тўртинчи ўринда актёр Жорж Клунининг турмуш ўртоғи, лондонлик адвокат Амал Аламуддин жойлашди. Бешинчи поғонадан Англия Банкининг раҳбари Марк Карни жой олди.
Олтинчи ўринни Буюк Британиянинг Ички ишлар вазири — Тереза Мей, еттинчи ўринни — шаҳзода Гарри эгаллади. Ва ниҳоят, саккизинчи ўрин 2001 йилда тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти совриндори, биохимик — Пол Нерсга насиб қилди. Нобель мукофотининг яна бир бошқа совриндори ҳам ушбу рўйхатнинг 12-поғонасидан жой олди. У Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Малала Юсуфзайдир.
Изоҳ (0)