Жорий йилнинг 1—15 октябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ўртасида ўтказилган ФИДЕ Гран-Присининг биринчи босқичи ниҳоясига етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Дунёнинг 12 нафар етакчи шахмат усталари иштирокида бўлиб ўтган мусобақада ўзбекистонлик Рустам Қосимжонов ҳам ғолиблик учун дона сурди.
Рустам Қосимжонов ўтказилган 11 партиянинг биттасида ғалаба қозониб, саккиз учрашувда дуранг натижани қайд этди. 9—10-турларда мағлубият аламини тортган Қосимжонов якунда 11 имкониятдан беш очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 10-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди.
Биринчи босқич мусобақаларининг якунларига кўра, 11 имкониятдан 6,5 очко жамғарган италиялик гроссмейстер Фабиано Каруана биринчи ўринни эгаллади. Худди шунча очкога эга бўлган Борис Гельфанд (Исроил) иккинчи, россиялик Сергей Карякин олти очко билан учинчи ўринни банд этди.
Эркаклар ўртасида ФИДЕ Гран-Присининг иккинчи босқич мусобақалари шу йилнинг 20 октябрь — 3 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Мусобақалар 21—24, 26—29 октябрь, шунингдек, 31 октябрь — 2 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. 25- ҳамда 30 октябрь дам олиш кунлари сифатида белгиланган.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Гран-При турнирида қуйидаги шахмат усталари баҳс олиб боради:
- Фабиано Каруана (Италия, 2801)
- Хикару Накамура (АҚШ, 2782)
- Сергей Карякин (Россия, 2777)
- Максим Вашье-Лаграв (Франция, 2768)
- Аниш Гири (Голландия, 2758)
- Леньер Домингес (Куба, 2756)
- Шахрияр Мамедьяров (Озарбайжон, 2756)
- Борис Гельфанд (Исроил, 2748)
- Дмитрий Яковенко (Россия, 2747)
- Дмитрий Андрейкин (Россия, 2722)
- Теймур Ражабов (Озарбайжон, 2717)
- Рустам Қосимжонов (Ўзбекистон, 2706)
Изоҳ (0)