Мексикада жамоат фаоли Атилано Роман Тирадо ҳар ҳафталик радио дастури вақтида отиб ташланди. Бу ҳақда Associated Press’га таянган ҳолда Korrespondent.net хабар бермоқда.
Фожиа Мексиканинг Синалоа штати Масатлан шаҳрида рўй берган.
Икки жиноятчи Fiesta Mexicana радиостанциясига кириб олиб, Тирадо қаердалигини сўрашган. «Маъмур уларга Тирадо бўшагунига қадар кутиб туришни айтган, аммо улар эшикни итариб, ичкарига кирган», — деб таъкидлади радиостанция директори Серхио Онтиверос.
Шундан сўнг, уларнинг бири ташқарида қолган, иккинчиси эса студияга кириб, жонли эфир пайтида фаолга қарата икки маротаба ўқ узган. Ўқ эркакнинг боши ва кўкрагига теккан. Тирадо шифохоналардан бирига ётқизилган ва олган жароҳатлари натижасида бир оздан сўнг вафот этган.
Штат раҳбариятининг қайд этишича, бу Мексика тарихида жонли эфирда содир этилган илк қотилликдир. Прокурор Марко Антонио Игеранинг сўзларига кўра, жиноятчиларнинг шахсини аниқлаш учун кузатув камераларидаги ёзувлар кўриб чиқилади.
Тирадо бир неча йил аввал тўғон қурилиши вақтида рўй берган тошқин натижасида ерлари зарар кўрган тахминан 800 га яқин маҳаллий қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан иборат гуруҳга бошчилик қилар эди. Радиобошловчи деҳқонларнинг йўқотилган ери учун товон пулларини ундиришда, норозилик билдириш маршлари ва йўлларни тўсишни ташкил этишда фаол иштирок этган.
Изоҳ (0)