Боливиянинг амалдаги президенти Эво Моралес ва унинг «Социализм сари ҳаракат» партияси тарафдорлари якшанба, 12 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлардаги ғалабани нишонлашни бошлади, деб хабар бермоқда Uzbekistan Today.
Пойтахт Ла-Пас шаҳрининг бош майдонида, шунингдек, Санта-Крус ва Кочабамба шаҳарларида президент ва унинг ҳаракатининг минглаб тарафдорлари тўпланган. Сайлов участкалари олдида ўтказилган сўровлар Эво Моралеснинг 61 фоиз овоз билан Боливия президентлигига қайта сайланганини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, экзит-поллар натижалари «Социализм сари ҳаракат»нинг Сенат ва Депутатлар палатасида ҳам кўпчиликни сақлаб қолганидан далолат берган.
Бу мамлакат тарихида Боливия туб аҳолиси вакилларидан чиққан илк президент Эво Моралеснинг кетма-кет учинчи президентлик муддати бўлади. Моралеснинг сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланишига у 2006 йилда президентликка киришгандан бошлаб эришилган иқтисодий ўсиш сабаб бўлмоқда. У мамлакатнинг асосий бойлиги − газдан олинган даромадларни ижтимоий дастурлар, йўллар ва мактаблар қурилишини молиялаштиришга сарфлаган.
Изоҳ (0)