Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида самбо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этяпти. Дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам дунё биринчилигида иштирок этмоқда, деб хабар беради «Olamsport».
Бугунги сўнгги кун олдидан терма Ўзбекистон жамоаси ҳисобида саккизта медаль бор. Шундан тўрттаси кумуш, яна шунчаси бронза медалидир. Жаҳон чемпионатининг биринчи куни Жаҳоной Туркманова (40 кг) ва Шаҳзод Тагиев (48 кг) кумуш медалга; Матлуба Абдумуталова (48 кг) эса бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, 75 кг вазн тоифасида курашган Сожида Савриева мусобақанинг бронза медалига лойиқ деб топилган бўлса, ёш қизлар ўртасидаги учрашувларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Шаҳзода Усмонова (60 кг) кумуш медаль соҳибасига айланди.
Ёшлар ўртасидаги баҳсларда Шаҳбоз Нурматов (52 кг) мусобақанинг кумуш медалини, Элёр Хожимаматов (81 кг) эса бронза медалини қўлга киритди.
Ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда Бобурхон Оловитдинов (52 кг) жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди.
Изоҳ (0)