Ҳукуматга қарши кучлар томонидан Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрининг марказий майдонида маҳаллий соат бўйича 15:00 (Тошкент вақти билан ҳам 15:00)да ўтказилиши режалаштирилган намойиш бўлиб ўтмади. Майдонга маҳаллий ОАВ вакиллари ва сураткашлар гуруҳларидан бошқа ҳеч ким келмади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
Белгиланган жойга келган Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан беш нафар патрул-пост хизмати ходимлари ўзларининг бу ерда бўлиши режалаштирилган намойишга дахли йўқлигини таъкидлади. «Биз икки кундан сўнг Душанбенинг 90 йиллиги нишонланишини эътиборга олган ҳолда жамоат тартибини таъминлаяпмиз», — деди милиция кичик лейтенанти.
Нашрда қайд этилишича, шаҳар маркази билан боғланган кўчаларда ҳам одамлар тўплангани кўзга ташланмаган. Фақатгина масжидлар олдида анъанавий жума намозини ўқиган кишилар кўринган. «Биз ҳеч қандай намойиш ва нотинчлик истамаймиз», — деб таъкидлади пойтахт аҳолисидан бири.
Аввалроқ Тожикистондан ташқарида бўлган тадбиркор Умарали Қувватов томонидан тузилган мухолифатчи «24-гуруҳ» 10 октябрь куни мамлакат президенти Имомали Раҳмонга қарши намойиш уюштиришга қаратилган чақириқлар билан мурожаат қилганди.
Шундан сўнг, Республика ҳукумати олдиндан тегишли хавфсизлик чораларини амалга оширди. Хусусан, ижтимоий тармоқлар, шу жумладан, Facebook ва 200 га яқин ҳукуматга қарши кучлар сайтлари ёпиб қўйилди; дин конфессиялари вакиллари, талаба ва ўқувчилар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди.
Шунингдек, Тожикистон алоқа операторлари ҳукумат буйруғи билан Душанбе аҳолиси учун SMS юбориш функциясини ўчириб қўйди.
Изоҳ (0)