Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси Дубайда Баҳрайнга қарши ўйиндан олдин машғулот ўтказди. Ушбу машғулотлардан сўнг, терма жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимов бир қатор саволларга жавоб берди, деб хабар бермоқда Championat.asia.
Миржалол Қосимов иссиқ пайтда араб давлатларида ўртоқлик учрашуви ўтказишга рози бўлганининг сабаби оддий эканлигини айтди: «Австралияда январь ойида айнан мана шундай об-ҳаво ҳукмрон бўлади. Яшил қитъада ҳам намгарчилик юқори бўлиши аниқ. Ўша пайтда у ерда ёз фасли бошланган бўлади. Чиниқиш ва иқлим шароитига кўникиш мақсадида мазкур йиғинни ташкил этдик. Қатар билан учрашувда легионерларимиз иштирок этмади. Бу ўйинда айнан намликни енгиб ўта олган футболчи яхши ўйнаши мумкин. Характерни енга олиш керак, мен йигитларга ишонаман. Аслида икки жамоанинг бир хил шароитда ўйнаганлигини ҳам рад этмаслигимиз керак. Биринчи ва учинчи голлар оддий ҳолатларда киритилди».
Бош мураббий Саудия Арабистони ва Қатар билан ўйинларда оддий голлар ўтказиб юборилаётгани ҳақида фикр билдирар экан, тактик ва техник хатолар бўлаётгани, эътиборни бир жойга жамлаш қийин кечаётганини қайд этди: «Кечаги голларда ҳам ҳимояда жиддий хатолар бўлди».
Миржалол Қосимов бўлажак икки учрашувда эътибор ўйинни шакллантиришга қаратилишини таъкидлади: «Биринчи рақамда ўйнаймиз, балки хатолар бўлар, аммо танлаган тактикамизни такомиллаштиришимиз керак».
Таркиб ҳақида фикр билдирган мураббий «Виталий Денисов Тошкентга келди, аммо унинг жароҳати бор экан. Александр Мерзляковни ҳам синаб кўрмоқчи бўлгандим, афсуски, баъзи сабабларга кўра у ҳам биз билан эмас», — деб айтди.
Миржалол Қосимов рақобатни ошириш борасидаги режаларига тўхталиб, «Баҳодир Насимов. Аммо у ўйин амалиётисиз. Эронга кетганида хурсанд бўлган эдик, афсуски амалга ошмади. Ҳужумда яна Камолиддин Мурзоев ва Александр Гейнрих бор. Ҳужум чизиғи мен учун ҳам бош оғриғи бўляпти», — деб қайд этди. Шунингдек, у санаб ўтилган футболчиларни кейинги йиғинларда синаб кўришини маълум қилди: «Қишдаги йиғинга уларни таклиф этишни режалаштирганман».
Изоҳ (0)