Урганчлик аёл ўзининг мулойим ва хушмуомала қиёфаси билан бировларнинг ишончига кириб, чўнтагидаги пулини осонлик билан суғуриб оларди. Аниқроғи жабрланувчининг ўзи унга пулини қўшқўллаб тутқазиб, кейин ололмасдан қийналиб юрарди. Ҳозир унинг номини эшитган урганчликларнинг пешонаси тиришади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг «Постда» газетаси.
Фирибгар аёл ўзини банкда, давлат идоралари ва бошқа жойларда танишлари кўпдай кўрсатиб, бир неча фуқарони қармоғига илинтирди. У жорий йилнинг март ойида «банкдан хориж валютаси олиб бераман» дея бир аёлни чув туширди. Жабрланувчи ҳафталаб, ойлаб кутди, бироқ фирибгар аёлдан дарак бўлмади.
Шаҳардаги ўқитувчиларнинг биридан беш миллион 800 минг сўмни олган фирибгар «Тўй қилмоқчи экансиз, сизга давлат курсида АҚШ доллари олиб бераман» дея алдаб кетди.
Унинг қурбонлари фақат аёллар эмас. Урганчлик Абдураҳимга «Сизни банкка ишга жойлаб қўяман» дея унинг икки минг АҚШ долларини ўзлаштириб олди.
Бундан ташқари, мазкур фирибгар аёл Гулзор маҳалласида истиқомат қилувчи яна бир шахсга «уй-жой олиб беришда ёрдамлашаман» дея ишончига кириб, катта пулини ўзлаштирди.
«Емоқнинг қусмоғи бор» деганларидек, фирибгар аёлга нисбатан Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Суд эса жиноятчига керакли жазо тайинлади.
Изоҳ (0)