АҚШ президенти Барак Обама интернетда зўравонлик билан таҳдид қилишнинг асоий нишони бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги хабар берди.
The Washington Post газетасининг ёзишича, дастлаб аксарият танқидлар ирқий камситишлар руҳида қилинган. Ҳозир бундай турдаги мурожаатлар камайганига қарамай, интернет орқали президентга қилинаётган таҳдидлар сони қисқармаган. Нашрнинг қайд этишича, Обама сайлов кампанияси ва президентликнинг биринчи муддатининг ўзидаёқ аввалги президентлардан уч марта кўпроқ ҳақоратларга учраган.
2014 йил январь ойида Twitter’да Обамани ўлдириш нияти борлигини ёзган эркак 16 ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Оқ уйнинг расмий сайтида президентни «Дажжол» («Антихрист») деб атаган Николас Савино эса бир йилга қамалган.
Баъзилар ҳатто амалий ҳаракатларга ҳам ўтган: Facebook орқали Обамани импичмент қилишга (муддатидан олдин президентликдан кетказиш) чақирган Жерад Миллер Лас-Вегасда икки полициячини отиб қўйган ва бирининг танасаига свастика суратини тушириб, «Бу инқилобнинг бошланиши», деб ёзиб кетган.
Мутахассислар АҚШ Махфий хизматининг ижтимоий тармоқлар келтириб чиқаётган янги муаммоларга мослашиш ва улардан чиқаётган таҳдидларга қарши курашишни уддалай олишига шубҳа билан қарамоқда.
Изоҳ (0)