Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Осиё ўйинлари ҳам тарих саҳифасига битилди. XVII ёзги Осиё ўйинларида жами 45 давлатдан 9553 нафар спортчи иштирок этди. Қитъанинг энг йирик спорт байрамида Ўзбекистон шарафини спортнинг 32 тури бўйича 291 нафар спортчи ҳимоя қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизмати.
Мусобақаларнинг биринчи куни ўтказилган Осиё олимпия кенгашининг 33-Бош Ассамблеясида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси Осиёда олимпия ҳаракатини энг фаол қўллаб-қувватлаётган МОҚ сифатида эътироф этилди. Ассамблеяда иштирок этган Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда Осиё олимпия кенгаши раҳбари Аҳмад Ал-Фаҳад Ас Сабоҳ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмоновга Осиё олимпия кенгашининг олий мукофотини тантанали суръатда топширди.
Осиё ўйинларининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон делегацияси хазинаси айнан ёш, бу каби йирик спорт мусобақасида биринчи бор иштирок этаётган оғир атлетикачи Маҳлиё Тоғаева томонидан қўлга киритилган бронза медали билан бойиди.
XVII ёзги Осиё ўйинларида қўлга киритилган жами 44 та медалдан 10 таси (учта олтин, учта кумуш ва тўртта бронза) айнан Ўзбекистон хотин-қизлари ҳисобига тўғри келди.
Қитъанинг энг йирик спорт байрамида Ўзбекистон бадиий гимнастикачилари — Жамила Рахматова, Равиля Фархутдинова, Валерия Давидова ва Анастасия Сердюкова, енгил атлетикачилар Светлана Радзивил ва Екатерина Воронина жамоавий баҳсларда шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси), Александра Котлярова (енгил атлетика), Барно Мирзаева (каратэ) кумуш, Надия Дусанова (енгил атлетика), Юлия Тарасова (енгил атлетика), Маҳлиё Тоғаева (оғир атлетика), Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) эса бронза медаллари билан тақдирланди.
Ўз навбатида Ўзбекистон хотин-қизлари томонидан эришилган муваффақиятлар, кўплаб хорижлик мухлис-у мутахассисларнинг олқиш ва эътирофларига сазовор бўлди. Жумладан, спорт гимнастика оламида қарийб 25 йилдан буён спортчи сифатида фаолият кўрсатаётган Оксана Чусовитинанинг эришган натижалари спорт саройи сухандони томонидан эълон қилинганида, спорт гимнастикаси саройига йиғилган мухлислар Оксанани ўринларидан турганича узоқ вақт олқишлади.
Эътиборлиси, бундай олқишлар ўзбекистонлик бадиий гимнастикачи қизларни жамоавий баҳсларда ғолибликка эришиб, шохсупага кўтарилганларида, шунингдек, енгил атлетикачи, баландликка сакраш бўйича Осиё ўйинлари рекордчиси (1,95 метр) Светлана Радзивилга Осиё ўйинларининг навбатдаги олтин медали тантанали суръатда топширилаётганида ҳам янгради.
Шу ўринда, еттикураш мусобақаларида ўзини ҳар томонлама ирода ва матонатини намоён этган Екатерина Воронина қитъанинг энг йирик спорт анжуманида биринчи бор иштирок этганлигига қарамай, кўплаб Олимпиада ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Инчеон — 2014 ўйинларидаги биринчи олтин медаль ҳам Осиё ўйинларида илк бора иштирок этаётган Бекзод Абдураҳмонов томонидан қўлга киритилди. Эркин кураш бўйича вазни 70 килограммгача бўлган полвонлар мусобақасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бекзод финал беллашувида кореялик Ох Манхони 7:2 натижаси билан енгиб, ўз вазн тоифасида Осиёда тенгсиз спортчи эканлигини кўрсатди.
Таэквондо (WTF) бўйича ўтказилган мусобақаларнинг биринчи кунидаёқ Жасур Бойқўзиевнинг олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари ўрин эгаллаган спортчилар орасида биринчи поғонани эгаллаши, шунингдек, Дмитрий Шокин ва ака-ука Максим ва Никита Рафаловичларни совриндорлар сафидан жой олиши кўплаб мухлис-у мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Мазкур Осиё ўйинларида, шунингдек, Шаҳобиддин Зоиров, Исроил Мадримов, Ойбек Мамазулунов (барчаси бокс), Эрнест Ирназаров (байдарка ва каноэда эшкак эшиш), Абдулла Азимов (спорт гимнастикаси), Яҳё Имомов, Сарвар Шомуродов (ҳар иккиси дзюдо), Улуғбек Алимов, Сардор Дўстмуродов (ҳар иккиси оғир атлетика), Рустам Ассакалов, Дилшодбек Турдиев (ҳар иккиси юнон-рум кураши), Умиджон Исманов (эркин кураш), Шахбоз Аҳадов, Ғофиржон Зоҳидов (ҳар иккиси каратэ) каби спортчиларнинг бундай йирик спорт мусобақасида илк бор қатнашганликларига қарамай, шоҳсупага кўтарилганликлари Ўзбекистонда ёш спортчиларни тарбиялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлигининг ёрқин исботи бўлди.
Умуман бу сафарги Осиё ўйинларида аксарият Ўзбекистон терма жамоасини янгиланган таркибда иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Эътиборлиси, ўта муросасиз руҳда кечган мусобақаларнинг якунларига кўра, совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган Ўзбекистон спортчиларининг қарийб 60 фоизини айнан Осиё ўйинларида биринчи маротаба иштирок этган спортчилар ташкил этди.
Инчеон — 2014 ўйинларида медалларни қўлга киритиш борасида эркин ва юнон-рум кураши (жами еттита), енгил атлетика (еттита), байдарка ва каноэда эшкак эшиш (бешта), бадиий ва спорт гимнастикаси (бешта), таэквондо WTF (тўртта), дзюдо (бешта), каратэ (учта), оғир атлетика (учта) каби спорт турлари вакиллари ўз олдиларига қўйган вазифаларни бажарди.
Аксинча, бокс, академик эшкак эшиш, слалом, сузиш, синхрон сузиш, велоспорт, ўқ отиш, камондан отиш, қиличбозлик, у-шу, боулинг, замонавий бешкураш, триатлон, регби каби спорт турларида Ўзбекистон терма жамоаси ўз олдига қўйган мақсадга эриша олмади.
Белгиланган режани бажара олмаган айрим спорт турлари бош мураббийларининг баъзилари бунга ҳакамларнинг ўз вазифаларига виждонан ёндашмаганликларини, яна бир қатор мутахассислар эса спортчиларнинг мусобақаларга жисмоний ва руҳий ҳолати етарли даражада тайёр бўлмаганлигини таъкидлаб ўтди.
Мазкур Осиё ўйинлари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлаш борасида қай даражада тўғри йўлдан бораётганлигини ҳам кўрсатиб берди.
Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик 291 нафар спортчидан 56 нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллади. Бу ўртача ҳар беш нафар спортчидан бири совринли ўринлардан бирини эгаллаганлигидан далолат беради. Ўзбекистон спортчилари иштирок этган 32 спорт туридан 12 тасида совринли ўринлар банд этилди.
Осиё ўйинларининг якунларига кўра тўққизта олтин, 14 та кумуш ва 21 та бронза медалига сазовор бўлган Ўзбекистон делегацияси олтин медаллар сони бўйича умумжамоа ҳисобида 11-ўринни, медалларнинг умумий сони бўйича эса 9-ўринни эгаллади.
XVII ёзги Осиё ўйинларида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчилар рўйхати билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ахборот хизматида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон делегациясининг XVII ёзги Осиё ўйинларидаги иштироклари Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда спорт федерациялари раҳбарлари иштирокида атрофлича таҳлил этилади ва унда қабул қилинган қарор ҳамда белгиланган вазифалар, албатта, омма эътиборига ҳавола этилади.
Изоҳ (0)