Архитектор ва дизайнерлар жамоаси Лондонда истиқомат қилувчилар учун Темза дарёси устидан ўтувчи велосипед йўли қуришни таклиф қилишди. Лойиҳа Thames Deckway деб ном олди. Бу ҳақда LookAtMe маълумотига асосланиб «Пароль» нашри хабар берди.
Дарёда транспорт ҳаракати учун жуда катта имконият мавжуд, аммо ҳозирда фақатгина кемадан транспорт сифатида фойдаланилади. Дарё устидаги велосипед йўли лойиҳаси эса шаҳардаги тиқилинчларни камайтириши ва экологик муаммоларни ҳал қилиши кутилмоқда.
Дизайнерлар, ушбу йўл велосипедчилар учун хавфсиз бўлиши ҳақида ваъда беришди. 12 километрли велосипед йўли сув транспортларидан яхши ҳимояланган бўлади. Йўлда табиий офатлардан огоҳлантирувчи махсус датчиклар ўрнатилади. Шунингдек, ушбу йўл шамол, қуёш ва сув тўлқинларидан қувват олиб автоном тарзда ишлай олади.
Лойиҳани амалга ошириш учун 960 миллион доллар зарур ва ҳозирги пайтда пул тўпланмоқда. Лойиҳа асосчиларининг фикрича, бу йўлнинг қурилиши учун инвесторлар пул беришади ва велосипедчиларга сотилган чипталардан пул ишлашади.
Лондонда бир неча йилдан бери велосипеддан фаол фойдаланиш бўйича тарғибот олиб борилмоқда. Шаҳар мери Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, 2016 йилгача Лондоннинг шарқидан ғарбига томон 30 километрли велосипед шоссеси қуриб битказилади.
Изоҳ (0)