Голливуд ижодкорлари Амир Темур ҳақида блокбастер суратга олишни режалаштирмоқда. Фильм Россия ва Америка сармоядорлари томонидан молиялаштирилади, деб хабар бермоқда Podrobno.uz.

Foto: filmdebate.co.uk

Фото: filmdebate.co.uk

«Ҳозирда биз Амир Темурдек тарихий шахс ҳақида йирик кўламдаги фильм тайёрлаяпмиз. У Голливуд мутахассислари томонидан ёзилган бўлиб, ўз ичига қизиқарли сюжет, кучли характерлар ва жиддий драмани қамраб олади», — деди кинокартина продюсерларидан бири Андрей Поклонский.

Мазкур лойиҳа билан машҳур Голливуд продюсери Ральф Уинтер («Х-одамлар», «Маймунлар сайёраси», «Фантастик тўртлик») қизиқиб қолган. Фильм Амир Темурнинг туғилиши ва Соҳибқиронга айланиши тарихини ёритиб бериши режалаштирилмоқда. Амир Темурнинг рус ерларига уюштирган сафари фильмнинг асосий воқеалари бўлади.

Фильм ижодкорлари буюк Соҳибқирон ролини Хью Жекманга топширмоқчи. Айни дамда кинокартина учун америкалик режиссёр изланмоқда.

Поклонский сўзларига кўра, фильм Россия Маданият вазирлиги ва Кино жамғармасининг молиявий иштирокисиз суратга олинади. Лойиҳа тўлалигича Россиядаги хусусий маблағлар ва Голливуд студиялари томонидан қопланади.

Фильм бюджети ва уни суратга олиш ишлари қачон бошланиши ҳозирча ошкор этилмади.