2014 йил 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига биноан парламентнинг Қонунчилик палатасига сайлов 135 та ҳудудий сайлов округи бўйича ўтказилади.
Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси ўз мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун сайлов округларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ сайлов округларининг рўйхати уларнинг номлари, тартиб рақамлари, чегаралари ва сайловчилар сони кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинади.
Мажлисда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар Дастури ижросининг бориши муҳокама қилинди.
Мажлис иштирокчилари Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Изоҳ (0)