Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик эпидемиясига тезкорлик билан эътибор қаратиш бўйича БМТ миссияси мазкур вирус қиёфасининг ўзгариб, ҳаво-томчи йўли билан юқа бошлагани ҳақидаги хабарни рад этди. Миссия баёнотида қайд этилишича, мутахассисларда бу раддия билан боғлиқ далиллар мавжуд, деб хабар беради «ТАСС».
«ОАВлари томонидан тарқатилган ёлғон маълумотлар туфайли тезкорлик билан эътибор қаратиш бўйича БМТ миссияси Эбола вируси ҳаво-томчи йўли билан ўтмаслигини маълум қилади. Айни дамда бизда Эболанинг ўзгариши билан боғлиқ далиллар йўқ. Эбола вируси фақатгина физиологик суюқликлар билан тўғридан-тўғри алоқага киришганда бировга юқади», — дейилади Аккра (Гана)да тарқатилган баёнотда.
БМТда вируслар ўзгариш имкониятига эга эканлиги тан олинди. Бироқ бу «вақт олувчи қийин жараён» эканлиги қайд этилди. Миссия Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларини келтириб, Эбола вирусини юқтирган одамларнинг физиологик суюқликларига, шунингдек, ифлосланган юза ва матолар, масалан, чойшаб ёки кийимларга яқинлашмаслик кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ олимлар олдида Эбола билан боғлиқ янги хавотир пайдо бўлгани, яъни улар вируснинг нафақат беморлар қони ва сўлаги орқали, балки ҳаво-томчи йўли билан ҳам ўтиши мумкинлигидан хавфсираётгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)