Хоразм вилоятининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 мартда эълон қилинган 2013—2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисидаги фармонини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Дастур доирасида Хива шаҳрида умумий қиймати 53,6 миллион доллардан зиёд маблағга тенг туризмни ривожлантиришга қаратилган 90 дан зиёд лойиҳа ва тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Улардан 20 таси жорий йилнинг июнь ойида тўлиқ якунланди. Жумладан, шаҳар марказий қисми билан биргаликда Хиванинг асосий режаси ишлаб чиқилди.
Эшон Работ кўли қирғоғида туристик мажмуа ишга тушди. Бу ерда балиқчилик йўлга қўйилиб, оромгоҳлар, юрталар, дам олиш жойлари реконструкция қилинди. Улардан узоқ бўлмаган ҳудудда автомобиль тўхташ жойлари ва «Отабой харрат» чойхонаси бунёд этилди.
Шунингдек, Биби Хожар мақбараси, Чодир ва Музхона мажмуалари, Отажон тора мадрасаси ҳамда қўғирчоқ театри қайта таъмирланди. Оллоқулихоннинг ёзги «Боғишамол» боғида дам олиш ва кўнгил очиш учун зарур барча шароитлар яратилди. «Зафарбек» меҳмонхонаси реконстурсия қилиниб, замонавий чойхона қурилди.
Бундан ташқари, Хива гиламлари ишқибозлари учун гиламларнинг тўлиқ каталоги тузилди. Сувенир маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшимча корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Урганчда аэропортнинг кутиб олиш зали реконструкция қилиниб, паспорт назоратини тезлашитириш мақсадида янги сканерлар ўрнатилди.
Шунингдек, туристлар учун Шовот канали қирғоғида янги дам олиш жойлари очилди. «Табассум» ресторани қошида мултимедиа музейи ўз ишини бошлаб, айни дамда бу ерда янги меҳмонхона ҳам фойдаланишга топширилди.
Амалга оширилаётган мазкур тадбирлар натижасида Хоразм вилоятига ташриф буюрвчилар сони сўнгги йилда 1,5 баробар кўпайди.
Изоҳ (0)