Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун Суриянинг Хомс шаҳридаги мактабларда содир этилган терактларни кескин қоралади, деб хабар бермоқда ИТАР-ТАСС.
«Бош котиб дастлабки маълумотларга кўра 39 кишининг, жумладан 6—9 ёшлардаги 30 нафар боланинг умрига зомин бўлган Хомсдаги терактларни энг кескин равишда қоралайди, буни энг юқори даражадаги қабиҳлик деб билади», − дейилган Бош котиб маъмуриятининг баённомасида.
Сурия телевидениеси ахборотига кўра, террористлар Хомснинг алавийлар яшайдиган асосий маҳалласидаги мактабларидан бирига портловчи моддалар юкланган автомобиль билан кириб келган, бир неча дақиқадан кейин яқин атрофдаги иккинчи мактабда ҳам бир террорчи ўзини портлатиб юборган.
Пан Ги Мун Суриядаги «шафқатсиз ва қонли можаро томонларини ҳар қандай қуролдан фойдаланишни тезда тўхтатиш»га чақирган. Бундан ташқари у барча сурияликлардан, шунингдек, минтақа ва жаҳон миқёсидаги етакчилардан можарони якунлаш ва сиёсий келишивга эришиш учун ҳаракатларни икки бараварга кўпайтиришни сўраган.
Изоҳ (0)