Россия ва Қозоғистон вакиллари икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги Қозоғистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш учун ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома лойиҳасини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Маросим Атирау шаҳрида ташкиллаштирилган Россия-Қозоғистон минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида бўлиб ўтди. Курчатов шаҳрида АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми жорий йилнинг май ойи охирида имзоланган эди. Лойиҳа 300 дан 1200 мегаваттгача қувватга эга реакторлар билан таъминланадиган станция қуришни кўзда тутади.
Ҳужжатда АЭСни ядро ёқилғиси билан таъминлаш ва ёқилғини ёки унинг таркибий қисмларини Қозоғистон Республикаси ҳудудида томонларнинг ҳамкорлигида ишлаб чиқариш эҳтимоли айтиб ўтилган. Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков шартноманинг имзоланиши жорий йилнинг охиригача бўлган муддатда режалаштирилаётганини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)