Таълим соҳаси раҳбарлари, фаол ўқитувчи ва мураббийлар 30 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги ҳуррият, порлоқ истиқбол ва эзгу ниятлар рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган замонавий иншоотлар, таълим, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш муассасалари фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Шу куни «Туркистон» саройида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари, мураббийлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон раҳбари раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш, малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим воситаси сифатида таълим соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси капитал реконструкция қилиниб, замонавий андозалар асосида юзлаб янги мактаблар қурилди. Мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, «Баркамол авлод» болалар марказлари, спорт, мусиқа ва санъат мактаблари, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, уларнинг фаолияти давр руҳига мос тарзда йўлга қўйилди.
Ўқитувчиларнинг малака ва маҳоратини ошириш, самарали меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, меҳнатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга оид амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача меҳнат ҳақи 2006 йил 1 сентябрига нисбатан тўққиз баробарга оширилди.
2014—2015-ўқув йилида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж таҳлил этилиб, амалдаги ўқитувчиларнинг педагогик юкламаларини 1,5 ставкагача ошириш, бошқа чет тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга келиши ҳисобидан қоплаш чоралари кўрилди.
Чет тили ўқитувчилари Давлат тест маркази томонидан доимий равишда синовдан ўтказилиб, уларнинг маошига қишлоқ жойларда 30 фоиз ва бошқа таълим муассасаларида 15 фоиз миқдорида қўшимчалар бериб борилмоқда.
Ўзбекистон раҳбарининг 12 номдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкасидан иборат совғаси таркибида инглиз, немис, француз тилларида яратилган дарсликлар мажмуалари бўлиб, бу йил 1-синфга борган 587 мингдан зиёд болаларга туҳфа қилинди.
Ислом Каримовнинг 2014 йил 29 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказишга қўшган салмоқли ҳиссаси, уларга фан асосларини ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатишдаги жонкуярлиги, таълим-тарбия соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» республика кўрик-танловининг 2014 йилги ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон олий таълим тизими бакалавриат ва магистратурадан иборат икки босқичли халқаро стандартга ўтказилди.
Маросимда Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати директори, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Шоҳида Орипова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова, бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси, ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинлари ғолиби Бектемир Мелиқўзиев ва бошқалар таълим-тарбия, илм-фан, маънавият ва маърифат тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар келажак эгалари бўлган ёшларни Ўзбекистонга, буюк аждодларга муносиб фарзанд этиб тарбиялашдек эзгу мақсадга йўналтирилганини таъкидлади. Ушбу эзгу мақсадга бутун борлиғини бахш этаётган касб соҳибларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибори учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров, Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
Изоҳ (0)