Франция тарихида илк маротаба парламентнинг юқори палатаси бўлган Сенатга ультра-ўнг партия −«Миллий фронт» киришга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда «Европейская правда».
«Бу ‘Миллий фронт’ учун улкан тарихий ғалаба», − деди партия етакчиси Марин Ле Пен. Франция Сенатига сайловлар тўғридан-тўғри эмас, балки 88 минг минтақавий ва маҳаллий вакилларнинг овоз бериши орқали амалга оширилади. Сайлов натижаларига кўра эндиликда Франция Сенати таркибига ультранационалистларнинг икки вакили кирадиган бўлди. «Миллий фронт» ва мухолифатдаги бошқа партияларнинг Сенатдаги умумий мандатлари сони эса 2011 йилдан буён парламентда кўпчиликни ташкил қилиб келаётган Социалистлар партияси мандатларидан ошиб кетди.
Таъкидлаш жоизки, Франция парламенти қуйи палатаси ҳисобланган Миллий мажлисда «Миллий Фронт»дан вакил аввал ҳам бўлган ва ҳозирда ҳам партиянинг 2 депутати бор. Ультрамиллатчилар май ойида Францияда Европа парламенти сайловларида ҳам ғалаба қозонган эди.
«Европейская правда» интернет-нашри «Миллий фронт»ни Россия Президенти Владимир Путиннинг Ғарбдаги асосий иттифоқчиси сифатида қайд этган. Марин Ле Пен эса ўзининг Путинга бўлган хайрихоҳлигини яширмай келади.
Изоҳ (0)