Ғарбий Африка мамлакатларида Эбола безгагидан ҳалок бўлганлар сони 3000 кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига таяниб, BBC хабар бермоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур минтақада 6500 дан зиёд киши Эбола вирусини юқтириб олган. Ноябрь ойининг бошларигача уларнинг сони 20 мингдан ошиши тахмин қилинмоқда. Айни дамда мазкур вирус оқибатлари билан боғлиқ энг кескин вазият Либерияда кузатилмоқда. Бу ерда қайд этилган 1830 ўлим ҳолати Эбола натижаси экани маълум қилинди.
Нашрда таъкидланганидек, ушбу эпидемия Ғарбий Африка давлатларидаги шундоқ ҳам яхши ривожланмаган соғлиқни сақлаш тизимида вазиятни янада кескинлаштирди.
АҚШ президенти Барак Обама Эболани «глобал хавфсизликка таҳдид» деб атади. Хабар берилганидек, АҚШ эпидемия билан курашиш учун Либерияга 3000 нафар ҳарбийни жўнатишни режалаштирган.
Изоҳ (0)