«Локомотив» клуби ўз расмий сайтида Олий Лига 18-тури доирасидаги «Локомотив» — «Бунёдкор» (1:2) учрашувидан сўнг бош ҳакам Валентин Коваленко тўрт ўйинга дисквалификация қилингани ҳақидаги текширилмаган ахборотни эълон қилгани муносабати билан интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда Uff.uz хабар бермоқда.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси Тартиб-интизом кодекси (5-модда, 2-бўлим, 5.37-банди)га асосан, «Локомотив» ПФК икки миллион сўм жаримага тортилди.
Бундан ташқари, шундай ҳолатлар яна такрорланадиган бўлса, янада қатъийроқ чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Ўзбекистон сайтларида «Ўзбекистон XXIII миллий чемпионати 18-тур ўйинлари доирасидаги ‘Локомотив’ — ‘Бунёдкор’ учрашувида ҳакамлик қилган Валентин Коваленко тўрт ўйинга дисквалификация қилинди», деган ёлғон хабар пайдо бўлган ва унга манба сифатида «Локомотив» ПФК сайти кўрсатилган.
Кейинроқ Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси мазкур нотўғри маълумот ҳақида ахборот бериб, барчасига ойдинлик киритди.
Изоҳ (0)