GM Uzbekistan қўшма корхонаси 2013 йилда ишлаб чиқарилган баъзи Damas автомобилларини техник кўрикдан ўтишга чақирмоқда. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳи аъзоларидан бири хабар берди. Маълум бўлишича, фойдаланувчига компания номидан унинг Damas автомашинасидаги камчиликлар ҳақида мактуб келган.
Унда қайд этилишича, GM Uzbekistan 2013 йилда ишлаб чиқарган Damas автомобилларини маҳсулот хавфсизлиги бўйича қайтариб олишга қарор қилган.
«GM Uzbekistan 2013 йилда чиқарилган Damas автомобилларининг баъзиларида руль устунидаги тишли уланиш жойининг емирилганини аниқлади», — дейилади мактубда.
Компания автомобиль эгасидан маълум автосалонга келишини сўраган. У ерда машинадаги пастки руль устуни бепул алмаштириб берилишини қайд этган.
Таъкидлаш жоиз, чақириб олиш кампанияси ҳақида расмий маълумот берилмаган; chevrolet.uz сайти эса ишламаяпти.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили General Motors Cobalt автомобилида руль тягаси билан боғлиқ камчилик аниқлангани ҳақида хабарнома тарқатган эди. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида компаниянинг дилерлик корхоналарига барча Chevrolet Cobalt автомобилларида руль тягаси учларининг етарлича қотирилгани текшириб кўрилиши вазифа қилиб белгиланган эди.
Яқинда эса General Motors ўз автомобилларини дунё бозоридан қайтариб олишини эълон қилди. Бу сафар сервис акцияси 2013 ва 2014-модел йилларидаги Cadillac XTS ва 2014—2015-модел йилларидаги Chevrolet Impala седанларига тегишли бўлади. General Motors ушбу автомобилларда электрон тўхташ тормозида носозлик аниқланганини таъкидлади. Таъкидлаш жоиз, йил бошидан буён компания турли муаммолар сабабли 30 миллионга яқин автомобилини қайтариб олган.
Изоҳ (0)