Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Нуроний» жамғармаси ва «Тошбозорсавдо» уюшмаси ҳамкорлигида «Энг намунали деҳқон бозори» кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари, Хотин-қизлар қўмитасининг бозорлар ҳамда олий таълим тизимидаги бошланғич ташкилотлари раислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ф.Абдураҳимова ва бошқалар пойтахт деҳқон бозорлари фаолияти изчил тартибга солиниб, уларда хизмат кўрсатиш тизими замон талабларига мослаштирилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган кўрик-танловда «Тошбозорсавдо» уюшмаси тизимидаги 20 та бозорда сотувчиларнинг кийиниш ва муомала маданияти, бозор расталари орасталиги, ҳудуднинг санитария ҳолати ҳамда радиоузел хизматининг сифати ўрганилди. «Авиасозлар деҳқон бозори» биринчи ўринга, «Қорақамиш деҳқон бозори» иккинчи ўринга, «Аския деҳқон бозори» учинчи ўринга муносиб деб топилди. Рағбатлантирувчи ўрин «Бектўпи» савдо мажмуасига насиб этди.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.
Изоҳ (0)