Грузия Бош прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили, унинг ота-онаси ҳамда аёли Сандра Руловснинг мол-мулкини ҳибсга олди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Афсуски, қонун бўйича биз бу қарорга Грузия судида қарши чиқа олмаймиз. Шунинг учун инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург судига мурожаат этамиз. Ҳибсга олинган мол-мулк орасида Саакашвилининг бувисига тегишли эскигина автомобиль ва ер майдони ҳам бор», — деди собиқ президентнинг адвокати Отар Кахидзе.
Аввалроқ Грузия ҳукумати Интерполга Саакашвилини қидириш бўйича мурожаат юборган эди. Собиқ президентга нисбатан давлат ичида ҳам қидирув эълон қилинган. Маълум қилинишича, айни дамда у АҚШда ўқитувчилик фаолиятини олиб бормоқда.
Михаил Саакашвили, собиқ адлия вазири Зураб Адеишвили ва собиқ мудофаа вазири Давид Кезерашвили 2 августга ўтар кечаси Тбилиси шаҳар суди томонидан сиртдан ҳибсга олинган. Улар 2007 йил 7 ноябрдаги ҳукуматга қарши фуқаролар акциясини тарқатиб юбориш, «Имеди» телекомпаниясини вайрон қилиш ва телекомпания таъсисчиси Бадри Патаркацишвили мулкини тортиб олганликда айбланмоқда.
Изоҳ (0)