Инчеон шаҳрида Осиё олимпия кенгашининг 33-Бош Ассамблеяси ўтказилди. Унда Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах, Осиё олимпия кенгаши (ООК) раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал Сабоҳ, шунингдек, Осиё олимпия кенгашига аъзо мамлакатлар миллий олимпия қўмиталари президентлари иштирок этди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Ассамблеяни ООК раҳбари Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал Сабоҳ кириш сўзи билан очар экан, аввало барчани XVII ёзги Осиё ўйинларининг бошлангани билан самимий муборакбод этди ва Инчеон — 2014 ўйинлари ташкилий қўмитасига мусобақаларни юқори савияда ташкил этганлиги учун миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг, Осиё олимпия кенгаши раҳбари қитъада Олимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболли режалар хусусида атрофлича тўхталди.
Ассамблеяда иштирок этган ХОҚ президенти Томас Бах ўз нутқида Осиё олимпия кенгашини дунёда Олимпия ҳаракати, олимпизм ғояларини энг фаол тарғиб этаётган ташкилот сифатида эътироф этиб, бунга мисол сифатида қитъада мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган ёзги ва қишки Осиё ва ПараОсиё ўйинлари, шунингдек, қитъа миқёсида ташкил этилаётган қатор йирик спорт мусобақаларни таъкидлаб ўтди. Бундай шарафли ишларни ҳаётга татбиқ этилишига ҳисса қўшаётган барча-барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ўз навбатида, бу ҳаракатда энг фаол иштирок этаётганларга Осиё олимпия қўмитасининг энг олий мукофотлари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси Осиёда олимпия ҳаракатини энг фаол қўллаб-қувватлаётган МОҚ сифатида эътироф этилди. Осиё олимпия кенгашининг олий мукофотини Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ҳамда Осиё олимпия кенгаши раҳбари Аҳмад Ал-Фаҳад Ал Сабоҳ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Мираброр Усмановга тантанали суръатда топширди.
Ассамблеяда Осиё олимпия кенгаши ўтказадиган навбатдаги йирик спорт мусобақаларига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)