Ўзбекистон қуввати 100 MVtга тенг шамол энергияси қурилмалари паркини қуриш ишларини 2016 йилда бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институти директори Ҳаким Муратовнинг пайшанба куни берган маълумотига таяниб, «Новый век» газетаси хабар бермоқда.
«Лойиҳани амалга ошириш ишлари 2016 йилда бошланиши мўлжалланган. Айни дамда паркни қуриш учун ҳудуд аниқланмоқда», — деди Ҳаким Муратов Тошкентдаги UzEnergyExpo — 2014 халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида. Унинг ҳисоб-китобига кўра, лойиҳанинг ишга тушиши табиий газнинг 68 миллион куб метрини иқтисод қилишга ёрдам беради.
Шунингдек, Энергетика ва автоматика институти директорининг маълум қилишича, Германиянинг GEO-NET Umweltconsulting GmbH компанияси 2015 йил якунига қадар Ўзбекистондаги олти минтақада мамлакатнинг шамол энергияси салоҳиятини баҳолайди.
Хабар берилганидек, «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси германиялик хорижий шериклар билан ҳамкорликда 2020 йилгача олтита шамол электр станцияларини ишга туширишни режалаштирган.
Изоҳ (0)